O'zbekiston Respublikasi

Davlat soliq qo'mitasi huzuridagi

Malaka oshirish markazi

gerb

   sitemap

 

 

Home  /  Normativ hujjatlar  /  Me’yoriy hujjatlar

Me’yoriy hujjatlar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Давлат солиқ хизмати органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг замонавий таълим жараёни талабларига жавоб берадиган қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш комплекс тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3802-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ академияси (кейинги ўринларда Солиқ академияси деб аталади) негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) этиб қайта ташкил қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, Марказ:

давлат солиқ хизмати органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилиги ва солиқ сиёсатини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича таянч ўқув-услубий ва илмий муассаса ҳисобланади;

давлат муассасаси шаклида ташкил этилади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ҳамда давлат тилидаги ўз номига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазначилик шахсий ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Солиқ академиясининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисоблансин:

биринчидан, узоқ муддат асосида мураккаб ва ўзгарувчан муҳитда орттирилган билимларни тизимлаштириш ва амалий масалаларни ҳал этиш бўйича тизимли ёндашув кўникмаларини ишлаб чиқиш мақсадида қўшимча касб-ҳунар дастурларини шакллантириш;

иккинчидан, солиқ органларининг инновацион ривожланишини таъминлай оладиган давлат солиқ хизмати органлари кадрлар салоҳиятини ошириш ва такомиллаштириш;

учинчидан, солиқ маъмуриятчилиги ва солиқ сиёсатини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

тўртинчидан, илғор хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ходимлар малакасини ошириш борасида тажриба алмашиш йўли билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳамкорликда таълим дастурларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ва стажировка ўташи таъминлаш,

бешинчидан, кўрсатадиган хизматлар бўйича белгиланган мақсадларга эришиш учун тингловчиларни ўқитиш, педагог ва бошқа тоифадаги ишчиларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

олтинчидан, бухгалтерлар, аудиторлар ва солиқ маслаҳатчиларини шартнома асосида ўқитиш ва малакасини ошириш;

еттинчидан, масофавий таълим ва тренинглар ўтказишнинг замонавий усулларини таълим жараёнига татбиқ этиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг таркибий тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисига зарур ҳолларда белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Марказ тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Солиқ академияси қайта ташкил этилиши муносабати билан бўшаётган 50 та штат бирлиги Марказга ўтказилсин.

6. Марказда қуйидаги курслар ташкил этилиши белгилансин:

давомийлиги бир ойгача бўлган, касбий билимларини чуқур ўзлаштириш ва таҳлилий ишларни юритишни билиш, меъёрий ҳужжатлар яратилишида иштирок этиш, шунингдек, иш ташкил этиш ва бошқарув асосларини инновацион шакл ва усулларни ўзлаштиришга йўналтирилган давлат солиқ хизмати органларида раҳбар лавозимларга тайинлаш учун захирага олинган ходимлар малакасини ошириш;

давомийлиги уч ойгача бўлган, солиқ қонунчилиги ва маъмуриятчилиги, шунингдек, иш юритишни ташкил этиш асосларини ўқитишга йўналтирилган давлат солиқ хизмати органларига янги ишга олинадиган шахсларни қайта тайёрлаш;

давомийлиги бир ойгача бўлган, илғор ахборот технологиялари ва масофавий ўқитишнинг замонавий усулларини қўллаган холда малака ошириш дастурлари асосида қисқа муддатли, шу жумладан, ҳудудий филиалларда туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари ходимларини ўқитиш;

бухгалтерлар, аудиторлар ва солиқ маслаҳатчиларини солиққа тортиш, бухгалтерия ҳисоби ва молия соҳасида шартнома асосида ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш.

7. Марказга:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган холда ўқув курслари тингловчилари контингентини ташкил этиш ва шакллантириш тартибини, ўқув режа ва ўқув дастурларини, шунингдек, таълим жараёнини ташкил этиш учун зарур бўлган бошқа ўқув-услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

шартнома асосида, шу жумладан соатбай иш ҳақи тўлаш шарти билан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа давлат бошқарув органлари, шунингдек, нотижорат ташкилотлар экспертлари, бизнес тузилмалари вакилларини ва халқаро экспертларни жалб этишга рухсат берилсин.

8. Белгилансинки,

Марказга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Марказ директори лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратининг бошқарма бошлиғи лавозимига тенглаштирилади;

Марказнинг раҳбар, бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

Марказ профессор-ўқитувчилари таркибининг лавозим маошлари олий таълим муассасалари тегишли ходимларининг базавий иш ҳақи миқдорида белгиланади;

Марказнинг раҳбарлик, бошқарув ходимлари ва профессор-ўқитувчилари таркибига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ хизмати органларида хизматни ўташ шартлари татбиқ этилади, махсус унвонга эга шахсларга махсус унвон ва узоқ йиллик хизмати учун ҳар ойлик устама белгиланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Марказ ходимларига меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва шартларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

9. Қуйидагилар Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Марказ томонидан шартнома асосида бажарилган иш ва кўрсатилган хизматлардан тушумлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

10. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари ҳузурида, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидан ташқари, Марказнинг юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги ҳудудий филиаллари ташкил этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси 2018/2019 ўқув йили бошлангунга қадар тегишли таълим йўналишлари бўйича:

Тошкент молия институтига — қайта ташкил этилаётган Солиқ академиясининг «Солиқлар ва солиққа тортиш» таълим йўналиши бўйича бакалавриат 2 ва 4-курс талабаларини, уларга давлат гранти асосида ўқиш шаклини сақлаган холда;

Тошкент давлат иқтисодиёт университетига — қайта ташкил этилаётган Солиқ академиясининг «Солиқлар ва солиққа тортиш» таълим йўналиши бўйича бакалавриат 3-курс талабаларини, уларга давлат гранти асосида ўқиш шаклини сақлаган ҳолда ҳамда 2-курс магистрантларини уларга тўлов-контракт асосида ўқиш шаклини сақлаган ҳолда ўтказилиши таъминласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси ўқув муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига Солиқ академиясининг қайта ташкил этилиши муносабати билан 2018/2019 ўқув йили учун Тошкент молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг қабул квоталари бўйича таклифлар киритсинлар.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгиланган тартибда:

бир ой муддатда Марказ Уставини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни, шунингдек, унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Марказнинг штат жадвали ва харажатлар сметаси ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини таъминласин;

Марказни малакали ходимлар билан тўлдирсин;

Марказнинг раҳбар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг хорижий стажировкасини ташкил этсин;

Солиқ академиясининг ҳарбий кафедраси мулкини Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига белгиланган тартибда берсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат ресурслари вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Солиқ академиясининг қайта ташкил этилиши муносабати билан ишдан озод қилинаётган ходимларни белгиланган тартибда ишга жойлаштириш чораларини кўрсин.

14. Марказ Тошкент шаҳар, Кичик ҳалқа йўли, 3-уй манзилида жойлаштирилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси буюртмалари ва тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2019 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастурини шакллантиришда Марказнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва қуриш учун капитал қўйилмалар лимити ажратилишини назарда тутсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишни, шунингдек, Марказ ва унинг ҳудудий филиалларини зарур компьютер ва ташкилий техника, ўқитишнинг, шу жумладан, масофавий ва онлайн-таълимни ташкил этиш учун зарур техник воситалар билан жиҳозланишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

17. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

18. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосари молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиққўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 30 август,

704-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 704-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг таркибий

тузилмаси

3898271

Марказ ишчиларининг чекланган сони (профессор-ўқитувчилари ва техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-кўмаклашувчи персонал ҳисобга олинмаган ҳолда) — 50 киши.

Профессор-ўқитувчилар сони Марказнинг тингловчилари сонидан келиб чиқиб аниқланади.

* Техник ва хўжалик таъминоти бўлимининг техник ва хизмат кўрсатувчи персонали, тингловчилар ётоқхонаси ва кафедраларни ўқув-кўмаклашувчи персонали сони Олий ўқув юртлари учун ўрнатилган меъёрлардан келиб чиқиб аниқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 704-сон қарорига
2 -ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

рўйхати

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ академиясини ташкил этиш тўғрисида» 2001 йил 10 январдаги 16-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 1-сон, 1-модда).

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2003 йил 22 майдаги 229-сон қарорининг 2-иловаси 3-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 5-сон, 40-модда).

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ академиясини ташкил этиш тўғрисида» 2001 йил 10 январдаги 16-сон қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида» 2006 йил 1 августдаги 155-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 8-сон, 59-модда).

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-360-сон «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳамда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сон қонунлари)» 2016 йил 26 апрелдаги 122-сон қарорининг 1-иловаси 35-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 4-сон, 28-модда).
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2018 й., 09/18/704/1828-сон)